А A
 

14:47 | 12 July 2016

Янги мавсумдан пахта хомашёсини қабул қилишнинг янги тизими жорий этилади

 

Торозихона

Бугун замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жамиятнинг барча соҳаларига кенг жорий этиш ҳамда улардан самарали фойдаланиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Жумладан, “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси тизимида ҳам бу борада кўплаб амалий ишлар қилинмоқда.

Тизимда пахта хом­ашёсини қабул қилишдан бошлаб, уни қайта ишлаш, сақлаш ва сотишгача бўлган барча жараёнларни замонавий ахборот-­коммуникация технологиялари асосида электрон ҳисобот ва назорат тизимини яратиш ва жорий қилишга алоҳида аҳамият берилмоқда.

“Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти таркибидаги пахта тозалаш корхоналари ва тайёрлов масканларида фермер хўжаликларидан келтирилаётган пахта хомашёсини тўғри ва тезкор  ўлчаш, сифатли текшириш ҳамда қабул қилиш мақсадида замонавий электрон тарозиларни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

Шу ўринда савол туғилади: мазкур янги техник воситаларнинг афзаллиги нимада? Механик автомобиль тарозиларини электрон тарозиларга алмаштириш орқали қандай натижаларга эришилади?

Мутахассисларининг таъкидлашича, пахта электрон тарозиларда тортилганда “инсон омили”нинг таъсири  туфайли объектив ва субъектив сабабларга кўра, хатолар эҳтимоли бартараф этилади, ноқонуний хатти- ҳаракатларга барҳам берилади, фермер хўжаликлари томонидан келтирилган пахтани ўлчаш вақти камаяди, аниқлиги ошади, шаффофлик таъминланади, хомашёнинг сифат кўрсаткичлари борасидаги тезкор маълумотлар олинади.

“Авваллари пахтани механик тарозида тортилганда пахтани олиб кириш ва бўшаган тиркамаларнинг олиб чиқиб кетилгунигача бўлган ҳамма ҳужжатлар қўлда тўлдириларди. Бунда ҳам объектив ва субъектив сабаблар туфайли турли хатоликлар юзага келиш эҳтимоли юқори эди. Бу ҳам ортиқча вақт, ҳам турли овворагарчиликларни келтириб чиқарарди. Янги технологиянинг жорий қилиниши эса бу муаммоларни бартараф этади. Инсон омилининг таъсири бўлмайди. Аввалгидек, тарозибонга ҳам хожат йўқ. Барчаси рақамли технологиялар асосида амалга оширилади. Фермер ёки унинг вакили барча жараённи бевосита ўрнатилган табло орқали кузатиб туриш имконига эга бўлади. Механик тарозиларни электрон тарозиларга алмаштириш билан пахтани ўлчашдаги аниқлик ошади, ўлчаш вақти қисқаради. Ҳаммаси тез ва осон битади”, дейди “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси Ишлаб чиқариш фаолиятини мувофиқлаштириш ва ягона техник сиёсатни амалга ошириш бошқармаси бошлиғи Илҳом Сабиров.

Айтиш керакки, мазкур янги ўлчов ва текширув ускуналарини ўрнатиш ишлари “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти ва бир неча ҳамкор корхоналар томонидан ишлаб чиқилган  тармоқ жадвали асосида йўлга қўйилган. Ҳозирда бу жараёнга мазкур соҳада катта тажрибага эга бўлган 3 та компания жалб қилинган.

“Пахтани қабул қилиш, тортиш, сифат кўрсаткичларини аниқлаш ва қайд этиш учун махсус электрон дастур яратилди. Сўнгги русумдаги хориж технологиялари, ўчлов асбоблари, электрон таблолар келтириб, ўрнатилмоқда. Бу жараёнлар шаффофлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир нуқтага кузатув камералари ўрнатилди. Йиғилган маълумотлар Марказий тармоқда йиғилади, жараён тўғридан-тўғри кузатиб турилади. Мақсад ҳисоб-китоб жараёнларида аниқликка эришиш, тезкорликни таъминлаш”, дейди “ASI” МЧЖ компанияси директори Николай Абрамов.

Торози2

Хўш, амалга тадбиқ қилинаётган янги тизимнинг ишлаш тартиби қандай? Ишлаш жараёнлари ҳақида “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси Ахборот технологиялари бўлими бошлиғи Фарид Загрутдинов тушунтириш берди:

“Янги мавсумга қадар Республикамиздаги барча пахта тозалаш корхонаси ва тайёрлов масканларига электрон тарозилар ўрнатилади. Тайёрлов пунктларида фермер хўжаликларидан транспорт воситасида олиб келинган пахта хомашёсининг саноат нави, намлик ва ифлослик даражаси инструментал усулда аниқланади ва қабул қилиш уч зонали тизим бўйича амалга оширилади:

1-зона—Намуна олиш. Бу ерда намуна олувчи ходим Ўзбекистон “Сифат” маркази ва  Фермерлар кенгаши вакили гувоҳлигида келтирилган пахтадан намуна олади. Бирлаштирилган намуналар бўйича пахтанинг стандарт талаблари ва “йўриқнома” бўйича пахтани қабул қилиш мумкинлиги, ташқи кўриниши бўйича саноат нави эталонга таққосланиб, органолептик усулда аниқланади. 

2-зона—Оператор. Бу ердаги электрон тарозида пахтанинг брутто оғирлиги аниқланади ва фермернинг пластик картасига туширилади, юк хати (1-СХ) расмийлаштирилади. Бўшатилган транспорт воситасининг тараси чиқарилиб, натижаси аниқланади. Маълумот тўғридан-тўғри компьютер орқали таблога ва Марказий тармоққа узатилади.

Торози3

3-зона—Диспетчер. Ғарам майдонларига ҳамда омборхоналарга пахта туширилади ва партияларга жойлаштирилади.

Биринчи зонада пахта хомашёсидан олинган намуналар Таҳлилхона (лаборатория)га келиб тушади. Бу ерда пахта хомашёсининг саноат нави, намлиги ва ифлослиги давлат стандартларига асосан лаборатория ускуналарида аниқланади. Олинган натижалар компьютер орқали табло ва Марказий тармоққа узатилади.

Лобаротория

Йиғилган якуний маълумотлар Бухгалтерияга бориб тушади. Бу ерда ПК-17 квитанцияси 5 нусхада чиқарилади ва расмийлаштирилади. Йиғилган барча маълумотлар Республика мониторинг марказида йиғилади ва унинг кунлик электрон ҳисоби юритилади.

Марказ

2016 йилда етиштирилган пахта ҳосилини тўғри ва тезкор  ўлчаш, сифатли текшириш ҳамда қабул қилиш мақсадида замонавий электрон тарозиларни ўрнатиш ишлари жорий йилнинг 1 августигача, яъни янги йиғим-терим мавсуми бошлангунига қадар республикадаги барча пахта тозалаш корхоналари ва тайёрлов масканларида ўрнатилади.

Ҳозирда янги тизимда фаолият олиб борувчи мутахассисларни саралаб олиш, уларнинг тизим бўйича малака ва билимларини ошириш мақсадида махсус график асосида ҳудудларда ўқув семинарларини ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда.

Соҳада бу каби янги технологияларнинг жорий қилиниши пахтачилик соҳасидаги самарадорликнинг янада ошишига хизмати қилиши шубҳасиз.

“Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси Матбуот хизмати