14:49 | 19 May 2016
Ўзбекистонда озиқ-овқат соҳасида 2016 йилда 428,7 млн долларлик 108та лойиҳа амалиёти бошланди
2016 йилнинг 13 май куни Тошкент шаҳридаги Миллий матбуот марказида “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси томонидан “Озиқ-овқат саноатини ривожлантириш ва модернизация қилиш – устувор вазифа” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда “Ўзбекозиқовқатхолдинг” расмий сайтида хабар қилинди.
Матбуот анжуманида озиқ-овқат сиёсатига бўлган эътибор самараси ўлароқ, мамлакатда озиқ-овқат саноатини янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси президентининг “Республика озиқ-овқат саноатини бошқаришни ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилингани ва мазкур қарордан келиб чиққан ҳолда, шу пайтгача фаолият юритиб келган Ўзбекистон Республикаси озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компаниясига айлантирилгани эслатиб ўтилди.
Қолаверса, тизим фаолиятига доир яна 3та қарор қабул қилинган бўлиб, уларнинг ижроси юзасидан ижобий натижалар қайд этилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси президентининг “2016-2020 йилларда хом ашё базасини ривожлантириш, мева-сабзавот, гўшт-сут маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан жами 596 млн доллар бўлган 180та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш белгиланган. Шундан хорижий инвестициялар ва халқаро молия ташкилотларининг кредитлари ҳисобига 74та лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган бўлиб, бунга 163 млн доллар миқдоридаги маблағлар жалб этилиши белгиланган.
Компания матбуот хизмати маълумотлари бўйича, 2016 йилда амалга оширилиши бошланаётган, жами қиймати 428,7 млн долларлик 108та лойиҳа бўйича белгиланган ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 21та лойиҳа бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда, 12та лойиҳа бўйича маҳаллий ҳокимликлар томонидан ер майдонлари ажратилган, 22та лойиҳа ташаббускорлари томонидан қурилиш ишлари амалга оширилмоқда, 23та лойиҳа бўйича молиялаштириш бошланган, 17та лойиҳада ускуналарни танлаш ва уларни олиб келиш учун шартномалар тузиш ишлари амалга ошириляпти.
Бундан ташқари, акциядорлик жамияти шаклидаги ихтисослаштирилган “Ўзагроэкспорт” ташқи савдо компанияси томонидан жорий йилнинг 11 май ҳолатига кўра, республикада етиштирилган 1 миллион 276 минг тонна ҳўл мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича хорижий шериклар ва тайёрлов корхоналари билан жами 176та 1 миллиард 374 миллион АҚШ доллари қийматидаги узоқ ва қисқа муддатли комиссия шартномалари имзоланиши таъминлангани маълум қилинди.
Компания матбуот хизмати хабарига кўра, республикада мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, экспорт салоҳиятини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар мисолида жорий йилнинг 10 май холатига кўра, республика буйича жами 1 миллион 567 минг тонна мева, сабзавот, картошка, полиз ва узум маҳсулотларини харид қилиш бўйича шартномалар тузилгани билдирилди.
Шунингдек, тадбирда “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси тизимидаги корхоналарда эскирган ускуналарни янги, замонавийлари билан босқичма-босқич алмаштириш устида амалий ишлар олиб борилаётган маълум қилинди. Бу эса ўз навбатида иш унумдорлигини оширибгина қолмай, хом ашё ва ёрдамчи материаллар сарфини камайтириш, электр энергияси ва бошқа табиий ресурсларни тежаш, маҳсулот таннархини пасайтириш имконини беради.