14:45 | 19 May 2016
2016 йилнинг 1-чорагида Ўзбекистон 206,1 млн долларлик тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилган
«Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамияти соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш ва ушбу йўналишдаги ўқув муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлашга бағишланган матбуот анжумани ўтказди. Унда акциядорлик жамиятининг етакчи мутахассислари, тармоқ корхоналари, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти вакиллари иштирок этди. Бу ҳақда ЎзА хабарберган.
Жорий йилнинг январь—март ойларида тармоқ корхоналари томонидан 18 турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқариш ўзлаштирилиб, 178 турдаги енгил саноат товарлари – 3,1 миллион квадрат метр мато, 24 моделдаги 5,8 миллион дона тайёр тикувчилик ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.
Ишлаб чиқариш кўрсаткичларининг ўсиши экспорт ҳажмининг кенгайиши билан боғлиқ. Бугунги кунда «Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамияти корхоналари маҳсулотлари Европа, Осиё, Шимолий ва Жанубий Америкадаги 55 мамлакатга экспорт қилинмоқда. Жорий йил биринчи чораги якунларига кўра, экспорт қилинган маҳсулотлар миқдори 206,1 миллион долларга етди. Бу 2015 йилнинг шу даврига нисбатан 6,2 фоиз кўп. Шу йилнинг охиригача тармоқда экспорт ҳажмини янада кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар амалга оширилади.
“Жорий йилда битирувчиларни иш билан таъминлаш мақсадида олий ўқув юртимизда бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилди. Унда тармоқнинг Uztex компаниялар гуруҳи, Rieter Uzbekistan хорижий корхонаси, «Алким текстиль», «Нонна текстиль» каби 50 га яқин корхонаси иштирок этди. Жорий йилги инновацион ярмаркада институт талабалари бешта истиқболли ишланмани намойиш қилди”, дейди Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти проректори А.Ғуломов.