А A

14:56 | 17 July 2016

Мустақиллик — энг улуғ, энг азиз неъмат!

Print Print
Yigilish mustaqillik

Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси ва унинг тизимидаги барча акциядорлик жамиятлари ва меҳнат жамоаларида “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним” ғояси асосида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллигига бағишланган турли маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари кўтаринки руҳда ўтказилмоқда.

“Ўзпахтаэкспорт” акциядорлик жамияти томонидан ишлаб чиқилган маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастури доирасида холдинг компания мажлислар залида ўтказилган навбатдаги анжуман “Мустақиллик — энг улуғ, энг азиз неъмат” деб номланди. Унда холдинг компания тизимида ва унинг таркибидаги акциядорлик жамиятларида фаолият олиб бораётган ходимлар иштирок этди.

Анжуманга, шунингдек, Республика Маънавият-тарғибот маркази Яккасарой тумани бўлими раҳбари Фаррух Турсунов, сиёсий фанлар номзоди, доцент Хушнуд Жуманиёзов, “ЎзЛиДеП” Яккасарой тумани кенгаши раиси Аҳмад Никбаев таклиф этилди. Тадбирда сўз олганлар томонидан мустақиллик, унинг қадр-қиммати, юртдошларимиз ҳаётида тутган ўрни, улуғ неъмат дея нисбат берилувчи ҳурликнинг яҳамияти алоҳида эътироф этилди.

majlis

25 йил—тарих олдида қисқа фурсат. Бироқ биз учун бу сананинг кўлами жуда кенг, залвори улкан. Негаки, жонажон халқимиз ўтган йиллар мобайнида кўплаб ютуқларни қўлга киритди, мамлакатимиз жаҳон саҳнида ўз номига ва ўз ўрнига эга бўлиб, иқтисоди тез суръатларда ўсиб бораётган давлатга айланди. Буни ҳар биримизнинг ҳаётимизда кечаётган улкан ўзгаришлар мисолида кўриш мумкин. Элимиздаги бугунги тинчлик – дунёнинг мана-ман деган мамлакатлари учун ҳам орзу эмас?! Фаровонлик, бозорлар ва дастурхонларимиздаги тўкинлик бир бурда нонга зор элатлар учун рўё эмасми? Асрларга татигулик бунёдкорликлар ҳаловат орзуга айланган, юрти бомбалар остида сочилиб кетган миллатлар учун муқаддас истак эмасми?! Буларнинг барчасига 25 йиллик давр ичида бунёдкор халқимиз ўз меҳнати билан эришди”, дейди Республика Маънавият-тарғибот маркази Яккасарой тумани бўлими раҳбари Фаррух Турсунов.
Тадбирда сўзга чиққан сиёсий фанлар номзоди, доцент Хушнуд Жуманиёзов бугун дунё саҳнида рўй бераётган сиёсий-иқтисодий жараёнлар, уларнинг моҳияти, Ўзбекистон олиб бораётган тинчликпарвар сиёсати хусусида маъруза қилди. Олим дунёда хавф-хатарларнинг тури ва услублари кўпайиб бораётган бир пайтда ҳар биримиз тинчликни асраш, мустақилликни мустаҳкамлаш йўлида бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилишимиз, фарзандларимизни Ватанга садоқат руҳида тарбиялашимиз, эл-юрт тараққиётига ўз меҳнат жамоамиздаги самарали фаолиятимиз орқали ҳисса қўшишимиз кераклигини таъкидлади.

“Бугунги таҳликали бир даврда Ўзбекистоннинг танлаган ўз йўли чин маънода намунага айланди. Буни жаҳон эътироф этмоқда, дунёда “ўзбек модели”нинг ўзига хосликлари ўрганилмоқда. Биргина мисол: 2016 йил 23-24 июнь кунлари юртимизда ўтказилган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тошкент саммитида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар етакчи мамлакатлар раҳбарлари ва дунё афкор оммаси томонидан алоҳида эътироф этилди. Ўзбекистон мезбонлигидаги бу анжуман ташкилот нуфузининг янада юкслашига катта туртки бўлгани қайд этилди.

majlis1

Ёки ўтган ойда очилган Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўли ҳамда Қамчиқ туннели. Буни илгари тасаввур ҳам қила олмасдик. Қамчиқ довони бўйлаб узунлиги 123,1 километрни ташкил этадиган янги темир йўл ҳамда ушбу лойиҳа доирасида узунлиги 19,2 километрдан иборат бўлган темир йўл туннели қурилди. Мазкур туннель дунё рейтингида шу каби туннеллар рўйхатида мураккаблиги бўйича саккизинчи ўринни эгаллайди. Бу ишларнинг барчаси юртимизда узоқни кўзлаб олиб борилаётган туб ислоҳотлар, Президентимиз юритаётган оқилона сиёсат ва бағрикенг халқимизнинг машаққатли меҳнатлари самарасидир”, дейди сиёсий фанлар номзоди, доцент Хушнуд Жуманиёзов.

Анжуман давомида ўтган 25 йиллик даврда юртимиз эришган муваффақиятлар шарҳига бағишланган видеофильм намойиш этилди.
«Ўзпахтасаноатэкспорт» холдинг компанияси матбуот хизмати