12:25 | 19 January 2017
Президент Жаҳон банки вице-президентини қабул қилди
Президент Шавкат Мирзиёев Жаҳон банки вице-президенти Сирил Мюллерни қабул қилди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатга амалий ташриф билан келган Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича вице-президенти Сирил Мюллерни қабул қилди, деб хабар берди UzReport.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишлари тўғрисида фикр алмашилиб, шерикчилик муносабатларининг етакчи йўналишларини кенгайтириш ва истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама этилди.
Ўзбекистон ва ЖБ айни пайтда ЖБнинг 2,8 млрд долларлик маблағлари жалб қилинган электроэнергетика, ирригация ва коммунал тармоқларни модернизация қилиш, сув таъминоти, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, транспорт ва ижтимоий инфратузилмалар каби йўналишлардаги 33 та қўшма лойиҳани амалга оширмоқда.
Амалга оширилган ва давом эттирилаётганлар қаторида «Талимаржон ИЭС — Сўғдиёна НС» юқори қувватли электр тармоғи қурилиши, Бухоро ва Самарқанд канализация ва сув таъминоти тизимларини ривожлантириш, Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқариш, «Ангрен-Поп» темир йўлини электрлаштириш, қишлоқ хўжалиги корхоналарини қўллаб-қувватлаш ва мева-сабзавот етиштиришни ривожлантириш, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги лойиҳаларни санаб ўтиш мумкин.
Ўтган йили 2020 йилга қадар ҳамкорлик дастури қабул қилинган бўлиб, ундан умумий қиймати 4 млрд доллар бўлган 27 та устувор лойиҳа ўрин олган. Мазкур лойиҳалар учун Жаҳон банкининг 3 млрд доллар ҳажмдаги кредитлари ажратилади.
ЖБ вице-президенти Ўзбекистонда кичик бизнесни ривожлантириш, қулай тадбиркорлик ва инвестицион муҳитни яратишни тезлаштириш бўйича яқинда қабул қилинган чора-тадбирлар аҳамиятини қайд этиб ўтди.