А A

10:06 | 17 June 2017

«Ўзпахтаэкспорт» АЖда вьетнамлик ишбилармонлар билан учрашув бўлиб ўтди

Print Print

Жорий йилнинг 15 июнь куни “Ўзпахтаэкспорт” акциядорлик жамиятида Вьетнам Социалистик Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ташаббуси билан вьетнамнинг «Haminacom Co. Ltd» ва «Tam Lien Trading Co. Ltd» компаниялари билан ҳамкорлик учрашуви бўлиб ўтди.

Вьетнам тўқимачилик саноатининг ривожланиши суръати ва иқтисоднинг шу соҳасига чет эл сармояларини жалб этиш бўйича дунёдаги етакчи давлатлардан биридир. Шу аснода, мамлакатнинг пахта импортига бўлган эҳтиёж ҳажми йилига 1 млн.тоннадан ошиб, тобора ортиб бормоқда.

Учрашув давомида “Ўзпахтаэкспорт” АЖ Бош директори Ж.Кадиров “Ўзбек пахта толаси: ишлаб чиқариш, истеъмол ва рақобат афзаллиги” мавзусида тақдимот ўтказди. Меҳмонлар республика пахта саноати ташкилий тузилмаларидаги ўзгаришлар, холдинг компания ташкилий тузилмаларининг мақсади ва вазифалари, ўзбек пахта толасининг сифат кўрсаткичлари тенденцияларининг таҳлили, ҳамда республика пахта секторининг экспорт салоҳияти бўйича маълумотга эга бўлдилар.

Шу билан бирга, пахта толасини сертификатлаш ва таснифлаш, экспорт шартномалари тузиш ва ўзбек пахта толасининг ушбу йўналишдаги логистикаси масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув натижалари бўйича вьетнамлик меҳмонларда ўзбек пахта толасининг синов партияларини тўғридан-тўғри етказиб беришни йўлга қўйиш алоҳида қизиқиш уйғотди.

“Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси Матбуот хизмати